Рўйхатга олиш йўриқномаси

Кириш


Кириш

Қўлланманинг асосий мақсади - кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатдан ўтказиш жараёнининг асосий тамойиллари ва жараёнларнинг турли босқичлари ҳақида тушунча бериш йўли билан, шунингдек, рўйхатдан ўтказиш ва қарорлар қабул қилишда маълумот бериш ва тегишли ҳуқуқий қоидаларни белгилаш орқали кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнлари сифатини ошириш ва уйғунлаштиришдан иборат. Қўлланма ҳудудий “Ермулккадастр” давлат корхоналарининг янги ходимлари учун ўқув материаллари сифатида, шунингдек рўйхатдан ўтказувчилар ва малакали мутахассислар учун эслатма сифатида фойдаланилиши мумкин.

Ушбу қўлланманинг кўлами Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сонли қарорига биноан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар - ер участкалари, бино ва иншоотлар, кўп йиллик дарахтзорлар давлат кўчмас мулк реестрида (кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри) давлат рўйхатидан ўтказишни кўзда тутади.

Мазкур қўлланмада кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, инвентаризация ва ўрганишларни ўтказиш, режалар ва хариталар ёки техник ишларни тайёрлаш учун дастур ва режалардан фойдаланиш бўйича техник кўрсатмалар мавжуд эмас. Ўз навбатида Давергеодезкадастр қўмитаси тизимида 2019 йил феврал ойидан бошлаб рўйхатга олиш жараёнида ишлатиладиган янги Davreestr 2.0 Pro дастури учун алоҳида техник йўриқномаларни эълон қилди.

Қўлланманинг таркиби ва ундан фойдаланиш

Ушбу қўлланма 20 бобдан иборат бўлиб, 1-бобдан 4-бобгача кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги умумий қоидалар, шу жумладан қонунчилик, мақсадлар, асосий принциплар ва рўйхатга олиш жараёнининг умумий тавсифи ҳақида сўз боради.

5-бобда кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш учун аризаларни топшириш ва қабул қилиш жараёни, 6-бобда кадастр йиғмажилдларини тайёрлаш ва янгилаш жараёни тушунтирилган. Кадастр йиғмажилдларини тайёрлаш ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олишнинг зарурий шартидир.

1-6-бобларда давлат рўйхатига олишнинг барча жараёнлари тушунтирилган бўлса, унда 7 дан 17 гача бўлган бобларда рўйхатга олиш жараёнларининг ҳар хил турлари бўйича аниқ кўрсатмалар мавжуд. Ушбу бобларда давом этаётган жараёнларнинг ҳар бир босқичида нима қилиш кераклиги тушунтирилган. Шунингдек, улар жараённинг мақсадлари ва натижаларини қисқача тушунтирадиган фактлар варақаларини, шунингдек, зарур ҳаракатларнинг босқичма-босқич текширув варақаларини ўз ичига олади.

18-бобда кўчмас мулкнинг давлат реестридаги маълумотлар ва маълумотларни тақдим этиш бўйича кўрсатмалар мавжуд ва 19-бобда шикоят бериш жараёни тушунтирилади. Кўчмас мулк давлат реестри билан боғлиқ хизматлар учун тўлов ҳақида 20-бобда тушунтирилган.

Ушбу қўлланманинг ҳар бир кичик қисмида тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар ва тегишли бўлимларга ҳаволалар мавжуд. Улар билан боғлиқ сарлавҳалар қўлланманинг турли қисмлари ўртасида қулай ўтишни амалга ошириш учун гиперҳаволалар билан боғланган.

Тегишли қонунлар бўйича ҳаволалар Ҳукуматнинг миллий қонун ҳужжатлари маълумотлар базасида (http://www.lex.uz/) мавжуд. Ҳуқуқий ҳужжатлар ҳужжатнинг номини босиш орқали очилиши мумкин. Аксарият ҳужжатлар ўзбек ва рус тилларида очилиши мумкин. Маълумотлар базаси доимий равишда янгиланиб туради ва амалдаги юридик ҳужжатларнинг нусхаларини ўз ичига олади. Шунинг учун у ҳуқуқий ҳужжатларнинг асосий манбаи сифатида ишлатилиши зарур.

Атамалар маъноси ва изоҳи

Ушбу қўлланмада қуйидаги атамалардан фойдаланилади:

Бино – функционал мақсадига қараб одамлар яшаши ёки бўлишига ва ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажаришга мўлжалланган, ёпиқ ҳажмни ташкил этувчи таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат қурилиш тизими;

Битим – фуқаролар ёки юридик шахсларнинг кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқини ўзгартириш, чеклаш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракати;

Гаров хати – кўчмас мулк объекти гаровга қўйилганлиги тўғрисида юридик ёки жисмоний шахсга банк томонидан бериладиган қарз гувоҳномаси;

Ер участкаси – ер юзасининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда бошқа хусусиятларга эга бўлган қисми;

Иншоот – ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажаришга, материаллар, буюмлар, асбоб-ускуналарни сақлашга, одамларнинг вақтинча бўлишига, одамлар, юклар ва бошқа нарсаларни олиб ўтишга мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат, ер тепасида, ер юзасида ва ер остида ҳажмли, ясси ёки чизиқ тарзида жойлашган қурилиш тизими;

Ипотека – кўчмас мулк ҳуқуқининг гарови;

Кадастр паспорти – ҳуқуқ эгасига бериладиган, кўчмас мулк объекти, унинг ҳуқуқий эгаси, кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқлар, объектнинг қиймат баҳоси ва кадастр рақами ҳақида умумий маълумотларни ўз ичига олган электрон ҳужжат;

Кадастр йиғмажилди – объектнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни шакллантириш, ҳисобга олиш ва кейинчалик давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган кадастр суратига олиш, техник инвентаризация қилиш ва паспортлаштиришнинг, махсус текшириш ва изланишларнинг, сифат ва қиймат жиҳатдан баҳолашнинг ҳужжатлари, материаллари ва маълумотлари жамламаси;

Кадастр рақами – ер участкаси, бино, иншоотни идентификациялаш учун мўлжалланган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида такрорланмайдиган рақамдир. У қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда шакллантирилади ва у рўйхатдан ўтказилган ҳуқуқнинг ягона объекти сифатида мавжуд бўлгунига қадар сақланиб қолади. Кўчмас мулкни рўйхатга олувчи томонидан рўйхатдан ўтказилаётганда берилган ноёб рақам;

Кадастр режаси – топографик суратга олиш асосида тайёрланган ер участкаси ёки бинонинг эскизли харитаси;

Кўп йиллик экинлар – боғлар, узумзорлар, тут ва бошқа ўрмон экинзорлари;

Кўчмас мулк объекти – ер участкалари, бино ва иншоотлар (шу жумладан ер ости иншоотлари) ва кўп йиллик дарахтзорлар;

Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш – кўчмас мулк объектига ҳуқуқнинг вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ёки бекор қилинишини тан олувчи ва тасдиқловчи ҳуқуқий ҳужжат;

Кўчмас мулкнинг давлат реестри – кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сонли қарорига биноан, кўчмас мулк объектлари ва уларга бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона маълумотлар базаси.

Рўйхатдан ўтказувчи – давлат рўйхатидан ўтказувчи, кўчмас мулкни давлат реестрида рўйхатга олиш ва ҳуқуқлар ва битимларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли шахс;

Сервитут – бегона ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи;

Чекланиш – мулк эгасининг кўчмас мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини чеклайдиган шарт;

Ҳуқуқ  эгаси – кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуққа эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс.

Тегишли ҳуқуқий нормалар:

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сонли қарори, 5-банд.

Қўлланманинг ҳолати ва ишлатилиши

Ушбу қўлланма юридик ҳужжат эмас ва ҳеч қандай ҳуқуқий мақомга ҳам эга эмас. Қўлланмадан фақат қўшимча маълумот материаллари сифатида фойдаланиш керак, шу билан бирга рўйхатдан ўтказиш жараёнида қабул қилинган барча қарорлар амалдаги низом талабларига асосланган бўлиши керак. Ушбу қўлланмада келтирилган барча тавсиялар ва шарҳлар фақат тавсифий характерга эга ва рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилишда қонунни шарҳлаш масъул мансабдор шахснинг шахсий фикрига асосланиши керак.